3.17.3 «Назорат жойи» йўл белгиси

3.17.3. "Назорат жойи". 3.17.3 "Назорат жойи" йўл белгиси думалоқ шаклга ва қизил ҳошияли оқ фонга эга. Унда қора ҳарфлар билан "СТОП" ва "НАЗОРАТ" сўзлари ёзилган. 3.17.3 "Назорат жойи" белгиси транспорт воситаларининг текшириб ўтказилиши мажбурий бўлган вақтинча ёки доимий назорат пунктларида ўрнатилади. 3.17.3 белгиси ҳайдовчининг йўлда жойлашган назорат пунктида тўхтамасдан ўтишини тақиқлаш зарурати бўлган ҳолларда қўлланилади. Бундай пункт ЙПХ (Йўл-патрул хизмати) маскани ёки карантин пости бўлиши мумкин. 3.17.3 белгиси чегара ҳудудлари олдида ҳам ўрнатилиши мумкин. Ушбу белги, шунингдек, пуллик йўллар ёки хусусий йўллардаги пуллик пунктларга кириш жойларида ҳам ўрнатилиши мумкин. Ушбу белги транспорт воситасини тўхташ чизиғида тўхтатиш ва агар тўхташ чизиғи бўлмаса, у ҳолда белгидан йўлни перпендикуляр равишда кесиб ўтадиган хаёлий чизиқда (яъни белгининг тўғрисида) тўхтатишни талаб қилади. "Назорат жойи" белгиси таъсир оралиғида ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракати божхона пункти орқали ҳаракатланишдаги каби бўлиши керак. Ҳайдовчи назорат пости ходимларининг барча қонуний талабларига риоя қилиши, уларга текшириш ва қидирув ўтказиш имкониятини таъминлаши ҳамда уларнинг рухсати билан ҳаракатни тўғри йўналишда давом эттириши шарт. Одатда "Назорат жойи" белгиси тўғридан тўғри назорат пунктида ўрнатилади. Аммо баъзи ҳолларда уни олдиндан такрорлаш мумкин. Бундай ҳолда, 3.17.3 белгиси, 7.1.1 "Обйектгача бўлган масофа" қўшимча ахборот белгиси билан бирга ўрнатилади.






















