4.7 «Энг кам тезлик”. Фақат белгида кўрсатилган ёки ундан юқори тезликда (км/соат) ҳаракатланишга рухсат этилади» йўл белгиси

4.7. "Энг кам тезлик" 4.7 "Энг кам тезлик" белгиси думалоқ шаклга ва оқ ҳошияли кўк фонга эга бўлиб, белги марказида оқ рангли рақамлар жойлаштирилган. "Энг кам тезлик" белгиси йўлда ёки қатнов қисмининг алоҳида ҳаракатланиш тасмасида, фақат белгида кўрсатилган ёки ундан юқори тезликда (км/с) ҳаракатланишга рухсат этилган ҳолатларда қўлланилади. 4.7 "Энг кам тезлик" белгисининг таъсир оралиғи белги ўрнатилган жойдан бошланиб, кейинги чорраҳагача ёки аҳоли пункти охиригача давом этади ёки 4.8 "Энг кам тезлик белгиланган йўлнинг охири" белгиси ўрнатилган жойда якунланади. 4.7 белгиси кўпинча бошқа белгилар билан бирга, масалан, белги айнан шу ҳаракатланиш тасмасига тегишлилигини кўрсатувчи 7.14 "Ҳаракатланиш тасмаси" ёки белги айнан қайси турдаги транспорт воситаларига тегишлилигини кўрсатувчи 7.4.1—7.4.10 "Транспорт воситасининг тури" қўшимча ахборот белгилари билан бирга қўлланилиши мумкин. "Энг кам тезлик" белгисини бутун йўл бўйлаб якка ҳолда ўрнатиш фақат қўшимча йўл мавжуд бўлган ҳолларда мумкин, чунки бу тартибда ўрнатилган белги, секин ҳаракат қилувчи транспорт воситалари (тракторлар, қишлоқ хўжалиги техникалари, мопедлар, скутерлар ва бошқа секин ҳаракат қилувчи транспорт воситалари) ҳаракатини чеклаб қўйиши мумкин. 4.7 "Энг кам тезлик" белгиси шунингдек, 5.8.3 "Тасманинг бошланиши" белгисида кўрсатилиши мумкин, бундай ҳолатда белги йўлнинг секинлашиш бўлаги ёки баландликка кўтарилишдаги қўшимча тасманинг бошланиш қисмларида, асосий ҳаракатланиш тасмасидаги белгиланган энг кам тезликни кўрсатади.






















