1.25 «Ёввойи ҳайвонлар» йўл белгиси

1.25.1. "Ёввойи ҳайвонлар" Бу белги ўрмон хўжалиги, қўриқхона ва ёввойи ҳайвонлар бўлиши мумкин бўлган йўл қисмлари олдида ўрнатилади. Ушбу белги ҳайдовчини йўлга ёввойи ҳайвонлар чиқиб қолиши эҳтимоли борлигидан огоҳлантиради. Белги аҳоли яшайдиган жойларда 50 - 100 метр, аҳоли пунктларидан ташқарида эса, 150 - 300 метр масофада ўрнатилади. 1.25.2. "Пастлаб учувчи қушлар" Бу белги аҳоли пунктларида хавфли жойдан 50 — 100 метр, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 — 300 метр олдин ўрнатилади ва ҳайдовчини пастлаб учувчи қушлар бўлиши мумкин бўлган ҳудуд ҳақида огоҳлантиради. Зарурият бўлганда, бу белги 7.1.1 қўшимча ахборот белгисида кўрсатилган бошқа масофада ҳам ўрнатилиши мумкин. 1.25.3 "Кемирувчи ва судралиб юрувчи ҳайвонлар" белгиси учбурчак шаклга эга. Қизил ҳошияли белгининг оқ фонида типратикан сурати тасвирланган. Мазкур белги ҳайдовчиларни йўлда турли кемирувчилар ва судралиб юрувчи ҳайвонлар чиқиб қолиш эҳтимоли борлигидан огоҳлантиради ва алоҳида эътибор билан ҳаракатланишни тавсия қилади. "Кемирувчи ва судралиб юрувчи ҳайвонлар" белгиси турли ҳайвонот оламини асраш ва ҳайдовчини мавжуд хавф ҳақида огоҳлантириш учун кўпроқ ўмон ва тўқайлар яқинида, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ва бошқа шу турдаги ҳайвонлар йўлга чиқиб қолиши эҳтимоли бор бўлган жойлар олдида ўрнатилиши мумкин. Белги таъсир оралиғида ҳайдовчи тезликни камайтириши ва диққат эътиборни ошириши зарур. Инсон психалогияси шундайки, ҳайдовчи олдидан қандайдир кутилмаган тўсиқ бирданига пайдо бўлиб қолса, ундан қочишга ҳаракат қилади. Шундай вазиятда ҳайдовчи қарама – қарши йўналишга ёки йўл четига чиқиб кетиши мумкин. 1.25.3 йўл белгиси ҳайдовчидан айнан шундай кутилмаган ҳолатларга тайёр бўлиб боришни талаб қилади. 1.25.3 белгиси, кўпгина огоҳлантирувчи белгилар каби, аҳоли пунктларида 50 – 100 метр масофада ва аҳоли пунктларидан ташқарида йўлнинг хавфли қисмигача 150 – 300 метр масофада ўрнатилади. Агар белги бошқа масофада ўрнатилиши керак бўлса, у 7.1.1 "Обйектгача бўлган масофа" белгиси билан бирга ўрнатилади.























