7.13 «Асосий йўлнинг йўналиши» йўл белгиси

7.13. "Асосий йўлнинг йўналиши" белгиси қора ҳошияли тўғри тўртбурчак шаклда. Тўртбурчак марказида асосий йўлнинг йўналишини кўрсатувчи қалин ва иккинчи даражали йўлни кўрсатувчи ингичка чизиқлар тасвирланган. Ҳайдовчига чорраҳада асосий йўл йўналишини ўзгартираётгани ҳақида хабар бериш учун 7.13 "Асосий йўлнинг йўналиши" белгиси қўлланилади. У фақат учта имтиёз белгилар билан ишлатилиши мумкин: 2.1 "Асосий йўл", 2.4 "Йўл беринг!" ва 2.5 "Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган". Ушбу белгининг маъноси оддий: чорраҳада асосий йўл ва унинг йўналиши қалин чизиқ билан кўрсатилган, мос равишда иккинчи даражали йўл ингичка чизиқларбилан берилган. Йўл ҳаракати қоидалари ушбу белгидаги чорраҳа кўриниши имкон қадар ҳақиқийсига яқин бўлишини талаб қилади. Ушбу талабнинг амалга оширилиши ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштиради. Агар 2.1 "Асосий йўл" белгиси бошқа белгилар билан қўлланилмаган бўлса, бу асосий йўл тўғри кетаётганини англатади. Агар асосий йўл бурилса, белгининг ёнида 7.13 белгиси ўрнатилади, унда қалин қора чизиқ асосий йўлнинг траекториясини аниқ кўрсатади. Ҳайдовчилар ушбу белгилар талабларига фақат тартибга солинмаган чорраҳаларда ёки агар тартибга солинган чорраҳада светофор ишламай қоладиган ёки доимий милтилловчи сариқ ишорага ўтадиган вазият юзага келса, амал қилишлари керак. Яъни, светофор ишлаётган пайтда биз унга ва фақат унга бўйсунамиз. Светофор ўчган заҳоти 2.1 ва 7.13 белгилари кучга киради. Асосий йўлнинг йўналиши чорраҳада ўзгарганда, асосий йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ўзаро тенг аҳамиятли йўллар чорраҳасидан ўтиш қоидасига амал қилишлари керак. Яъни, тенг аҳамиятга эга бўлган йўллар кесишган чорраҳада релссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси ўнгдан яқинлашаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт. Бу қоидага трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро амал қилишлари керак. Иккинчи даражали йўлларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳам ўзаро шу қоидага амал қилишлари керак. Бундай чорраҳаларда кейинги ҳаракат йўналишидан қатъий назар, трамвай релссиз транспорт воситаларига нисбатан олдин ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.























