24-боб. Механик транспорт воситаларини шатакка олиш
142. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич билан шатакка олиш шатакка олинган транспорт воситасининг рул бошқарувида ҳайдовчи бўлгандагина амалга оширилиши керак. Тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланганда қаттиқ улагичнинг конструксияси шатакка олинган транспорт воситасини шатакка олган транспорт воситасининг изидан ҳаракатланишини таъминлайдиган ҳоллар бундан мустасно.
143. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич билан шатакка олинган автобусда, троллейбусда ва юк автомобили юкхонасида одам ташиш қисман ортиш йўли билан шатакка олишда эса шатакка олинган транспорт воситасининг кабинасида ва юкхонасида, шунингдек шатакка олган транспорт воситасининг юкхонасида одамлар бўлиши тақиқланади.
144. Эгилувчан улагич билан шатакка олишда шатакка олган ва шатакка олинган транспорт воситалари ўртасидаги масофа 4 — 6 метр оралиғида бўлиши, қаттиқ улагич билан шатакка олишда эса 4 метрдан кўп бўлмаслиги керак.
Эгилувчан улагич ушбу Қоидаларнинг 177-банди талабларига мувофиқ белгиланиши керак.
145. Шатакка олиш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:
рул бошқаруви ишламаётган транспорт воситаларини (қисман ортиш усули билан шатакка олиш бундан мустасно);
икки ва ундан кўп транспорт воситаларини;
шатакка олинган ва шатакка олган транспорт воситаларининг улагич билан бирга умумий узунлиги 20 метрдан ортиқ бўлса;
ишчи тормоз тизими ишламаётган транспорт воситасининг ҳақиқий вазни шатакка олган транспорт воситасининг ҳақиқий вазнининг ярмидан ортиқ бўлса (ҳақиқий вазни кам бўлган бундай транспорт воситасини фақат қаттиқ улагич билан ёки қисман ортиш усули билан шатакка олишга йўл қўйилади);
икки ғилдиракли мототсикл, электромототсикл, мопед, скутер, шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари билан, шунингдек, бундай мототсикл, электромототсикл, мопед, скутер, шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситалари ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини;
йўл яхмалак, сирпанчиқ бўлган ҳолларда эгилувчан улагичда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 12-апрелдаги 172-сон қарори (лех.уз). Матн маълумот учун; расмий таҳрири лех.уз сайтида.